Jamgʻarmaning maqsad va vazifalari


Умумий қоидалар

 

1.Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси (кейинги ўринларда “Жамғарма” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси фахрийларининг ихтиёрий, ўз-ўзини бошқарувчи жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

 

2. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

 

1.3. Жамғарма уставда белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек халқаро ва чет эл ташкилотлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади.

 

1.4. Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ уставда белгиланган вазифаларни бажариш учун тадбиркорлик тузилмаларини ташкил этиши мумкин.

 

1.5. Жамғарма, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимлари юридик шахслар ҳисобланади. Жамғарма мустақил балансига эга бўлиб, банк муассасаларида миллий сўмда, хорижий валютада ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган думалоқ муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади.

 

 

Жамғарма белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.

 

1.6. Жамғарманинг номланиши:

 

ўзбек тилидаги тўлиқ номи – кирилл алифбосида: Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси;

ўзбек тилидаги қисқартма номи: “Нуроний” жамғармаси;

 

ўзбек тилидаги тўлиқ номи – лотин алифбосида: O`zbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qo`llab-quvvatlash jamoat birlashmasi shaklidagi “Nuroniy” jamg`armasi;

ўзбек тилидаги қисқартма номи – лотин алифбосида: “Nuroniy” jamg`armasi.

 

Рус тилидаги тўлиқ номи: Фонд по поддержке общественной деятельности ветеранов Узбекистана «Нуроний» в форме общественного объединения;

рус тилидаги қисқартма номи: Фонд «Нуроний».